КАМПИРЛАРДАН (!) ИЛҲОМ ОЛУВЧИ ЗИЁДА ЁКИ САНЪАТ ОЛАМИДАГИ ЭНГ СОДДА ҚИЗ ҲАҚИДА
Зиёда! Ёш бўлишига қарамай, ундаги шижоат, меҳнат ва айниқса овозни тан олмасдан иложи йўқ. Қўшиқларини тинглаб, клипларини томоша қилиб кўз ўнгингизда шўх-шаддод, ҳеч нарсадан тап тортмайдиган қиз намоён бўлса ажабмас. Шундай фикрлар оғушида, ўткир саволлар билан нишонга олиш учун у билан учрашувга ошиқдим. Рости, интервью давомида бир-икки бор шубҳаландим ҳам: юлдузлик нималигини умуман билмайдиган заифгина қизалоқ қаршимда ҳаяжон билан жилмайиб, кўзларини пирпиратиб, сал қаттиқроқ гапирилса йиғлаб юборгудек аҳволда ўтирарди... - ҚОБИЛОВА Зиёда Ўткировна:
- 1988 йил 7 январда Тошкент шаҳрида туғилган. Маълумоти — тугалланмаган ўрта-махсус, Хамза номли мусиқа коллежининг 3-босқич талабаси;
- Оилада 8 фарзанд, 7 қизнинг бешинчиси;
- «Акфа-медиа»га қарашли хонанда 5 ёшидан қўшиқ куйлайди;
- 17 ёшида катта санъатга қадам қўйган;
- 2007 йилда M&TVAнинг энг яхши аёл хонандаси унвони соҳибаси.
-
— Ижодингизни лойиҳа маҳсули деса бўладими? — Ҳа, бироқ мусиқани кўпроқ ўзим басталайман. Янги ғоялар келиши учун фортепианода машқ қилиб тураман... Ҳар бир қўшиғимда 50 фоиз улушим бор... — Ижод билан шуғуллана бошлаганингизда машҳур хорижий қўшиқларни ўзбекчага ўгириб куйлагансиз. Масалан, «Севмаганман» қўшиғингизни. Кейинги қўшиқларингизда ҳам «ижодкорман» деган кишига хос нарса йўқдек... — Ҳа, бошда хато қилганман. Шунинг учун кўп танқидга учрадим. Танқид қилишгани ҳам яхши бўлган экан, мана, ҳозир қўшиқ кўчирмайдиган бўлдим. (Тавба, соддалик ҳам бўлса шунчалар бўлар — С.К.) Янгидан янги ғоялар билан, ўзимга… (кулиб), ижодимга жиддий қараяпман. — Намунча бўшсиз? Бунақада сизни журналистлар «еб» қўйишади-ку!? — Шунақа бўшман-да. (Жилмайиб). Мана, сиз ҳам ҳозир мени «еяпсиз». — «Ҳа, хато қилганман», дейиш ўрнига «кўчирмаганман, андоза олганман», деб мен билан олишмайсизми? — Тўғри-куя... Лекин, кўпчилик қўшиқ кўчирмоқда. Кўчирган битта менмас-ку... — Нима бўлганда ҳам, ўзингизни ўз йўналишингиз билан намоён қила олдингиз. «Шунчаки, шу андоза билан бошлагандим», демоқчисиз, шундайми? — Ҳа, нима бўлганда ҳам ҳаммасининг остида меҳнат ётибди. — Қайси қўшингизни «визит карточкам» дея баҳолайсиз? — Ўм-м… «Севмаганман»ни! (Кулиб). — Клипи қаерда олинган? — Анталияда. — Қўшиқ ўзбекча, мусиқа тамоман ўзгача, ғоя умуман бошқача ва Зиёда... ҳарбий кийимда! Сиз бу қўшиқ билан жанговарликни кўрсатмоқчи бўлдингизми? — Шунақа! — «Зиёда ҳаётда асли шундайми?» деган савол бермоқчи эдимку-я, лекин ҳозир олдимда «менга тегманглар» демоқчи бўлган қизчани кўряпман... — (Кулиб). Характерим кайфиятимга қараб ўзгариб туради. — Сиз қайси тоифага кирасиз? — Болалигимда жуда ҳам шўх бўлганман. Оиламизда пича етишмовчиликлар бўлган. Шундан кейин босиқ бўлиб қолганман. Санъатга кириб келганимдан сўнг, тиришқоқ бўлиш кераклигини тушундим. Энди эса ўша — болалигимдаги ҳолимга қайтяпман. — Ижодни нега айнан лойиҳа ижрочиси бўлишдан бошладингиз? Яккахон хонанда сифатида, мустақил ижод қилишга етарли иқтидорингиз бор... — Қўшиқчи бўлиш болалигимдаги орзуим эди. Билмасам... Шунақа бўлиб қолган. Саволларингиз бошқача экан... (Кулади). — Санъатга қадам қўйган инсон ҳамманинг назарида бўлганидан сўнг турли рост-ёлғон гап-сўзлар тарқалишига, шунингдек, миш-мишларга тайёр бўлиши керак... — Деярли миш-мишлар бўлмаган. Ўзимга яқин олмайман ҳам! — Мана, сиз билан боғлиқ икки миш-миш: биринчиси — Чорсу бозорида ким биландир жанжаллашганингиз ва «шаллақилигингиз»... — Йўғ-е, бундай воқеа бўлмаган! Ҳеч қачон талашиб-юлишиб кетмайман, айниқса бозорда-я! — Бозорга тушиб турасизми ўзи? — Уйга харажат қилиб тураман. Оилада етти қизнинг бешинчисиман. Тўрт опам турмушга чиқиб кетишган... — Навбат Сизгами? — Ҳа, менинг навбатим... (Кулиб). — Хўш, қачон энди? — Ҳали вақт бор. Кўп ижод қилишим керак... — Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, вақти келиб тарозининг бир палласига санъат, иккинчисига оилани қўйиш фурсати етади? — Бу саволингизга жавоб бериш жуда қийин. Санъатни ҳам ташлагим келмайди... — Сўнгги пайтларда санъаткор ёки шу соҳа вакили бўлган инсон билан турмуш қуриш «мода»га айланди. Сиз хоҳишларингизни аввалдан режалаштириб қўювчи инсонмисиз ёки таваккалчи? — Бўлажак турмуш ўртоғим санъатни тушунадиган инсон бўлса яхши бўларди... — Ўзи ҳам санъаткор бўлса-чи? — Унда қийинроқ! (Кулади). У киши санъаткор бўлишини хоҳламасдим. Продюссерим бўлиб қолсами?! (Кулади). — Иккинчи миш-миш: илгари «Ипподром» бозорида қаҳва билан савдо қилганингиз. Тўғри, тирикчиликнинг айби йўқ. Лекин рост-ёлғонлигини билиб қўйгим келяпти... — Рост. Лекин, «Ипподром» эмас, Ўрикзор бозорида ойимнинг буфетлари бор, кичиккина тамаддихона. Гоҳо уларга қарашгани бориб турардим. Отам менга ҳеч қачон савдо-сотиқ билан шуғулланишга рухсат бермайдилар. Шунчаки, ойимга ёрдамлашганим учун «қаҳва сотган, хот-дог сотган», деган гаплар чиқиб кетган. — «Акфа-медиа» лойиҳасида бўлгандан кейин нега тўлақонли алоҳида хонанда бўлишнинг иложи йўқ? Ойбек-Нигора ёки «Божалар» қайси клип ёки кинода тушишса, албатта ўша ерда Зиёда бўлиши керак... — Йўқ, мен алоҳида ижод ҳам қиляпман-ку?! Тўғри, мана шу кунларда биргаликдаги ижодимиз кўпайди. — Зиёда нималардан илҳомланади? — Масалан, кўчада у ёки бу одамларга кўзим тушса, ёки у-бу кампирни кўриб қолсам... — Кампирларни кўриб «Сайдинг қўябер Сайёд» қўшиғини куйлаш фикри келдимикан дейман? — Йў-ўқ!!! Йўқ, унақамас! (Кулади). Бу қўшиқ қадимий-ку! Шунчаки, кўчада у ёки бу киши бирор нарса кўтариб кетаётганини кўрсам, кампирларни кўриб қолсам, шунақанги мусиқа қуйилиб келади. — Ўм-м, яхши илҳомланаркансиз. Кимлардир табиатдан илҳом олса, кимлардир нарса кўтариб кетаётганлар ва кампирлардан... — Тоққа чиққанда, табиат қўйнида ҳам илҳомланиб телефонимга ғояларимни куйлаб ёзиб кетавераман. — Бир газетада сизга «Сайдинг қўябер Сайёд» қўшиғингиз учун машина туҳфа қилишганлиги ҳақидаги миш-миш муҳокама қилинган эди... — Йўқ, машинам йўқ. Гоҳида дадамнинг «Нексия»сини ҳайдаб тураман. — «Сайдинг қўябер Сайёд» қўшиғини ўзгартириб куйладингиз... — Ҳа, мен сал бошқачароқ қилиб, йўналишимга мослаб куйладим. Азалдан шу қўшиқни куйлаш ниятим бор эди. Устозларим — Фотима ва Зуҳра Зиёмуҳамедовалар ёрдамида, бирга ишлаб қўшиқни яратдик. — Нима учун бирдан мумтоз мусиқа? Тўйларга мослашишми? — Миллий қўшиқларимизни ҳам айтиб туриш керак-да. Катталарнинг ҳам кўнглини ола билиш керак-ку?! — Олдин машҳур бўламан, кейин эса тўйлардан пул йиғавераман! Шундайми? — Йў-ўқ... Тўғри, тўй бизнинг нонимиз. Миллий қўшиқ айтганим билан бундан кейин фақат миллий айтаман, дегани эмас-ку?! — Шу қўшиғингиз икки кўринишда тақдим этилди: бири эфирда қўйиш учун, бири оригинал. Негадир, эфир вариантида урма асбоби қўшиқ руҳиятига мос тушмагандек... — Ўзи оддий кўринишда эди, лекин кейин мухлислар ўзлари хоҳлаб микс қилишди. — Қизиқ, агар мухлислар четдан келиб қўшиғингизни ўзгартириб берса уни клипга қўйиб эфирга бераверасизми? — Йўқ, эфирда у кўринишда эмас-ку?! Ўзи битта кўринишда-ку, микс варианти клипга қўйилмаган. Мен фақат битта кўринишидан хабардорман. — Зўр ижод қилар экансиз, агар ўз ижодингиздан бехабар бўлсангиз. Мухлисларингиз ўзгартирганидан ташқари, асли икки хилда тақдим қилинган, бири эфирдаги клип учун, иккинчиси секин. — Йўқ, қандай қилиб икки хил? Орага «Акфа-медиа» ходимларидан бири қўшилди: — Икки хил ёзилган. — Йўқ, икки хил эмас. — Икки хил. Бошқа кўринишдагисини ўчириб ташлагандим. — Мен эшитмаган эдим у кўринишдагисини. Ана, кўрдингизми ўчириб ташлаган-да. — Мансаб, бойлик ва самара. Шуларни муҳимлик жиҳатдан жойлаштириб чиқинг. Иложи бўлса биттасини қолдиринг ва негалигини тушунтиринг. — Вой, саволларингиз жуда қийин-ку?! (Кулади, сўнг ўйланиб). Биринчи мансаб бўлса керак. Кейин бойлик ва самара бўлса керак. Ёки самарасига кўра бойлик. (Кулади) Ўм-м… (Ўйланиб). — Самара бўлмаса, на мансаб ва на бойлик, тўғрими? — А, унда биринчи бойликни қўйиш керак! — Бойлик ва мансаб бўлиб, самара бўлмаса иккиси ҳам бир пул-ку! Лекин самара бўлса иккиси ҳам ўзи келаверади. Ижодкор нимага аҳамият бериши керак экан? — Мендан имтиҳон оляпсиз! (Кулади). Албатта самарага! — Кимларни ҳавас қилиб, устоз деб биласиз? — Болалигимдан Юлдуз Усмонова ва Умида Мирҳамидованинг санъатларига жудаям қизиққанман. — Кимлардан андоза оласиз? — Тақлид қилмайман-ку, лекин ҳавас билан Юлдуз Усмоновага ўхшаб концертларида жонли равишда куйлаб, ҳам ўйнаб қўшиқ айтгим келади. — Ҳозир концертларда жонли куйлашга сизга нима ҳалал беряпти? — Ҳеч нима. Орзуим бор — юрагимга тугиб қўйганман, концертимда ўзимни эркин тутиб, ўйнаб, жонли куйлашни. — Концертингиз бўлса ҳам албатта яна Ойбек, Нигора ёки «Божалар» билан бирга бўлса керак? — Шу бир гуруҳда концерт берганимиз яхши деб ўйлайман. — Ўзингиз танҳо Зиёда бўлишга интилмайсизми? — Тўғри, интиламан, бу ҳам орзуим. Лекин, биринчи концертим айнан шу Ойбек, Нигора ва «Божалар» билан бўлгани маъқул, деб биламан. — Ўм-м, санъаткорлар орасида дўстлик бор, деб ўйлайсизми? — Албатта! — Ўн йилдан сўнг қандай тасаввур қиласиз бу дўстлигингизни? — Уни вақт кўрсатади. — Кинолар хусусида. «Бойвачча» ва «Нортой» фильмларида рол ўйнадингиз. Актрисалик иқтидорим бор, деб айта оласизми? — Озгина бўлса ҳам бор. Қўшиқ куйлаш, кинода рол ўйнаш орзуим эди, мана ушаляпти секин-секин. Тўғри, «Бойвачча»да бу ролни ижро этишга жуда уялдим. «Нортой»да эса ўзимни анча эркин тутиб, ижро этиб бердим, кўпчиликка ёқди. — Мана, ёш бўлишингизга қарамай мухлислар кўз ўнгида юлдузсиз, машҳурсиз, сизга тақлид қилишади. Нафақат санъатимизнинг савияси, балки ўсиб келаётган ёшларнинг дунёқараши шаклланиши ҳам маълум жиҳатдан сизларга боғлиқ. Бу фильмлар қизиқ бўлгани билан, ундан ҳозирги ёшлар нималарни ўрганиши керак? «Чучвараларингни йиғиб, сур бўттан» сўзларидан, масалан? — (Кулади). — Тўғри, кулгулидир, лекин савия нима бўляпти? Сиз шу фильмлар иштирокчисиз! — Тўғри. — Клипларингизда, имиж ва рақсларингизда Жанет Жексонга тақлид сезилади. У кумирингизми? — Йўқ. Унга тақлид қилмайман. — Режалар, янгиликлар хусусида. — Ҳозир Баҳром Ёқубовнинг «Суперкелинчак» фильмига шу номланишдаги саундтрек куйлаяпман. Шўх тарона. Баҳром ака менга таклиф қилиб, сценарий берганларида, кўз олдимга келиб илҳомландим ва шу қўшиқ яраляпти. — Интернет оламига муносабатингиз. — Тўғриси… кирмайман. Вақт ҳам йўқ. — Нималар ажаблантиради? — Сизнинг саволларингиз жудаям ажаблантириб ташламоқда. — Нималар қувонтиради? — Бирор кишининг кўнглини кўтарсам... — Қандай кўтарасиз? — Қўшиқ билан, масалан. Ҳазил-ҳузул қилиб кўнглини кўтариб, кулдирсам ўзим қувонаман. — Нималар ғазаблантиради? — Тўғрисини айтсам, жуда ҳам ғазабланадиган инсон эмасман. Ҳазаблансам ҳам билдирмасликка ҳаракат қиламан. — Гастролларингиздаги қизиқ воқеалар ҳақида... — Фақатгина бормаганим Хоразм бўлди, қолган барча вилоятларда концерт дастури билан чиқиш қилдим. Қизиқ воқеалар кўп бўлган... Ангрен шаҳридаги концертда фонограммада қўшиқ айтишга мажбур бўлганман. Микрофон симли эди, сими узилиб кетганини кўрмабман. Фонограммада қўшиқ айтаверганман. Одамлар ҳайрон бўлиб тураверишган, лекин кулишмаган. Шундоқ қарасам — сим узилиб ётибди, шунақанги уялиб, қизариб кетганман-ки! Ўша ерда шартта симни улаб, фонограммани ўчиртириб, жонли овозда куйлаб берганман ва шунда одамлар ишониб, олқишлашган. — M&TVA-2007 йил энг яхши аёл хонандаси унвони соҳиби бўлдингиз. Сизнинг-ча бу адолатдан бўлдими? — Мухлислар танлаб шуни хоҳлашди, СМСлар орқали. Энди «Ниҳол»га ҳаракат. — Номзодлар орасида санъатда анча йилдан бери фаолият юритиб келаётган аёл хонандалар ҳам бўлган. Гарчан санъатингиз шу мукофотга лойиқ бўлса-да, кўпчилик «Ҳали бу унвонга Зиёда ёшлик қиларди, вақтли эди», деган бўлса ажабмас. — Барибир эътибор беришгани яхши. Бу номзодда Феруза Жуманиёзова, Мавлуда Асалхўжаева, Нилуфар Усмонова, устоз санъаткорлар бор эди. Менга бу унвонни лойиқ топишганидан хурсандман. Ҳа, ҳар хил миш-мишлар бўлди. «Пул берган», ҳам дейишди. Лекин ҳаммаси ҳаққоний бўлди. Мен ўзим сира кутмагандим. Саҳнада ўзимни тутиб туролмадим, йиғлаб юбордим. — Хаёлингиздан қандай ўйлар кечди? Ўзингизга «мен бунга лойиқ эдимми?» деган саволлар бердингизми? — Нима десам экан… (Ўйланиб). Ёмон қийнаркансиз! (Кулади). Бошқа савол бери-инг. (Ялинганнамо). — «Ниҳол» мукофотига ҳаракатингиз қандай кечмоқда? — «Сайдинг қўябер Сайёд» қўшиғи билан иштирок этишимни ўзлари таклиф қилишди. — Ижодингизда миллийликка талпиниш бордек, лекин лойиҳа талаби билан ёшларбоп қўшиқ куйлаётгандексиз... — Тўғрисини айтсам, миллийликка ҳам эстрадага ҳам киришиб кетгим келмайди. Иккисини ҳам аралаштириб куйлайман. — Кутган ва кутмаган саволга жавобингиз? — (Хўрсиниб). Вой Худойим-ей! (Кулади) Ўзи кечадан буён мазам бўлмаяпти. Эрталабгача «Суперкелинчак» қўшиғини ёздик, ухламаганман. Ҳамма саволни бериб бўлдингиз, айниқса кутилмаганларини. Кутилганларини бериб бўлишган! — Хотима қилсангиз... — «Акфа-медиа» компаниясига ўз миннатдорчилигимни билдираман, менга яқиндан ёрдаб бериб келишаётгани учун. Мухлисларим доимо соғ бўлишсин. Интервью давомида саволлар унга қийин туйилиб, оғир-оғир хўрсиниб хам қўйди. Шунча санъат аҳли билан суҳбатлашган бўлсам, буниси мен учун умуман кутилмаган бўлди. Зиёдада санъаткорлик салобати сезилмасди. Тўғри, балки ҳали ёш... Лекин, кечагина саҳнанинг биринчи зинасига қадам қўйиб улгурмай, гапини бермайдиган, бир эмас, нақ икки оёғи ердан кўтарилиб кетган «юлдузчалар»дан сўнг, бу қиз, — ҳа, ҳа юлдуз ҳам, хонанда ҳам эмас, рўпарамда оддийгина қизчадек намоён бўлган Зиёда, — мени росманасига ажаблантирди. Саволларимдан шунчалар таъсирланиб ўзини йўқотиб қўярдики, бир неча бора интервьюни тўхтатиш ҳам хаёлимга келди. Суҳбатдан сўнг эса бу қиз камтарлик, соддалик ва беғуборликнинг намунаси эканлигини тушундим. Нима бўлганда ҳам, худди шундай қолишингни тилайман, Зиёда! Сардор КОМИЛОВ суҳбатлашди.
Мақолани бахоланг:
1 |
2 |
3 |
4 |
5
|